Ўзбекистон янгиликлари

БАА Ўзбекистонда халқаро намунадаги «ҳалол» сертификатини берувчи марказни ташкил этишда кўмаклашади

Ўзбекистон ҳукумати БАА Энергетика ва саноат вазирлиги ҳамда Mubadala Utilities компаниясининг бир қатор ИЭСларни хусусийлаштириш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди, деди бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев.

Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган араб амирликлари Энергетика ва саноат вазирлиги ва Mubadala Utilities компаниясининг бир қатор иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштириш ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосида янгиларини қуриш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди, деди бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев сешанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Masdar компанияси билан қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан шамол электр станцияларини қуриш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Mubadala компанияси билан углеводородларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, Абу Дабининг ADNOC миллий нефть компанияси билан эксперт-консултацион ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади.

Элёр Ғаниев БАА компанияларини Ўзбекистон туризм соҳасига сармоя киритишни таклиф қилди.

«Биз эришилган келишувлар билан чекланиб қолишни истамаймиз. Республикада 4000 тарихий ёдгорликлар бўлиб, уларнинг 90 фоизини ислом маданияти ёдгорликлари ташкил этади. Биз сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш ва меҳмонхоналарни хусусийлаштириш, шунингдек Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро, Хивада 5 юлдузлиларини қуришни таклиф қиламиз», — деди у.

Томонлар устав капитали 1 млрд доллар бўлган қўшма инвестицион компанияни очиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Абу Даби Тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси унинг таъсисчиси ҳисобланади.

Жамғарма Самарқанд инфратузилмалари: автомобиль йўллари ва ичимлик суви таъминоти тизимларини яхшилашга имтиёзли кредит ажратади. Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорликда меҳмонхона ва савдо марказини қуриш режалаштирилмоқда.

Элёр Ғаниев БАА томонини минтақада ягона бўлган халқаро намунадаги «ҳалол» сертификатини берувчи илмий-тадқиқот ва сертификатлаш марказини ташкил этишда иштирок этиш, шунингдек Навоий ва Наманган вилоятларида қишлоқ хўжалиги, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва меҳмонхоналар тармоғини ташкил этишга ҳам таклиф қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2322 times

Янгиликлар

Top