Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Туркия элчисини қабул қилди

Куни кеча, 18 март куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сурайё Эр жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмет Сурайё Эр муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов билан мулоқот ўтказди.
Муфтий ҳазратлари элчи жанобларини ушбу шарафли ва масъулиятли вазифа билан муборакбод этиб, улкан ютуқлар тиладилар. Меҳмет Сурайё Эрнинг элчилик даврида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланиши, бунда элчи жанобларининг саъй-ҳаракатлари катта бўлишини билдирдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов элчи жанобларини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, икки қардош халқлар азалдан дўст бўлгани, охирги йилларда ушбу дўстлик янада мустаҳкамланаётганини билдирди. Шунингдек, раис зиёрат туризмини ривожлантириш, “Ҳаж-Умра” тадбирларини ташкил этиш, диний соҳа ходимларининг малакасини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашиш ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидлади.
Ўз навбатида элчи жаноблари ўтган икки ярим йил ичида Ўзбекистон ва Туркия давлатлари алоқалари янги босқичга кўтарилгани, кўп томонлама алоқалар ривож топгани, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда келишувларга эришилганини алоҳида қайд этди. Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактаблар иш бошлаганини алоҳида эътироф этди. Мана шу мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ахборот ресурс марказларининг фаолиятини янада ривожлантиришга яқиндан ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Мулоқотда томонлар диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга оид турли масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Read 3047 times

Янгиликлар

Top