Ўзбекистон янгиликлари

Имомнинг чақириғи сабаб уч йилдан буён бир-бири билан гаплашмаётган қўшнилар ярашишди

Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Элобод” маҳалласида яшовчи иккита қўшни хонадаон аҳллари бундан  уч йил муқаддам бир метргина ер масаласида юзага келган тортишув сабаб аразлашиб, юзкўрмас бўлиб кетган эдилар.

Куни кеча бошқа бир сабаб билан қўшнилардан бириннинг хонадонига келган тумандаги “Пойгатепа” жоме масжиди имом-хатиби Ашраф домла Тошмуродов бу ҳолатдан хабар топиб, дарров иккита қўшниларни чорлаб насиҳат қилди. Динимизда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида келган Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан таъсирчан мисолларни айтиб берди. Қолаверса, мусулмон киши, бунинг устига қўшни бўлиб яшаб, бир-бирлари билан гаплашмай, аразлашиб юришлари гуноҳкор бўлишларига кифоя эканлигини, қиёматда банданинг бандадаги ҳаққини ҳатто Аллоҳ таоло ҳам кечмаслигини тушунтирди. Насиҳатдан ибрат олган қўшнилар шунча вақтдан бери жоҳиллик қилиб келганликларини тушуниб етдилар ва дарҳол Аллоҳ учун бир-бирларидан узр сўраб, қиёматлик қўшниларга айландилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга рўза, намоз ва садақадан ҳам афзал даража ҳақида хабар берайми?» - дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», - дейишди.
«Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Одамлар орасини бузиш эса қирувчидир», - дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

Read 2048 times

Янгиликлар

Top