Ўзбекистон янгиликлари

 

Аввал хабар қилганимиздек, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, қолаверса фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланган эди. Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишларни яна ҳам такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сафарга отланган юртдошларимизга Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси ходимларидан иборат мутахассислар иштирокида Умра ибодатининг фазилати, уни мукаммал адо этиш, сафар давомида эътибор қаратиш керак бўлган муҳим жиҳатлар ва бошқа мавзуларда тизимли равишда ўқувлар ташкил этилмоқда.

Шу ўринда зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Зам-зам Пулман” ва Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Кисва” меҳмонхонасида истиқомат қилишаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур меҳмонхоналарда ўзбек ошпазлари тайёрлаган тансиқ таомлар зиёратчиларга тортиқ қилинмоқда. Уларнинг соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида 24 соат давомида бепул тиббий хизмат йўлга қўйилган.

Юртимиз зиёратчилари учун Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, Икки қиблали масжид, Қубо масжиди ва Макка шаҳридаги Савр ва Нур тоғлари, Арафот майдони, Мино, Муздалифа водийсига саёҳатлар уюштирилмоқда. Малакали гуруҳ раҳбарлари мазкур зиёратгоҳларнинг ислом тарихидаги аҳамияти, у ерларда содир бўлган муҳим жараёнлар ҳақида атрофлича маълумот беришмоқда.

Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, 28 октябрдан ҳафтада 3 та авиақатнов амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 31 март кунидан эътиборан ҳар куни биттадан авиапарвоз йўлга қўйилди. Олдинги йилларда бир йилда 10 000 нафар зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозирда фақатгина бир ойда 7000 нафар юртдошимиз муборак зиёратни адо этмоқда.

Ўтган йилнинг 28 октябрь кунидан жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар 15 минг фуқаро Умра зиёратини адо этди. Рамазон ойигача ушбу кўрсаткич 30 мингга етиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад – ҳозирги кунда умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатини бартараф этишдир.

Жорий йилнинг 1 апрель санасидан эътиборан Умра сафарига борадиган юртдошларимизнинг адади кескин ошганлиги сабабли, зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш фуқароларнинг доимий яшаш манзилларидаги туман тиббиёт бирлашмалари орқали ташкил этиладиган бўлди. Бу билан тиббиёт муассасаларидаги навбатлар ва ортиқча оворагарчиликлар бартараф этилиши кўзда тутилган.

ДИҚ Матбуот хизмати   

Read 2296 times

Янгиликлар

Top