Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро анжуманда муфтий ҳазрат маъруза қилди

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Маънавий ипак йўли: Ислом ва ёшлар: замонавий таҳдидлар” номли анжуманда маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида мусулмон умматининг келажаги ёшлар тарбиясига боғлиқ экани, таълим-тарбияга катта аҳамият қаратган миллатнинг эртаси фаравон бўлиши, лекин ҳозир ёшлар орасида жиноятчилик кенг тарқалаётгани, ахлоқий тубанлашиш ортиб бораётгани ва ёшларнинг одоб-ахлоқ меъёрларидан узоқлашиши оқибатида жуда хатарли иллатлар келиб чиқаётганига алоҳида урғу қаратдилар.
Ушбу муаммоларнинг туб негизида эса ёшларнинг диний-ахлоқий тарбиядан узоқлиги ётиши, шунинг учун ҳам, дин пешволари ёшларни ахлоқий қадриятлар ва мустаҳкам эътиқод билан озиқлантириш орқали уларни мана шундай таҳдидлар домидан сақлаб қолиш зарурлигини муфтий ҳазратлари таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом ҳамжамияти олдида турган энг катта ва долзарб вазифалардан бири ёш авлодга ҳар томонлама диний ва дунёвий билимлар бериш, шу билан бир қаторда соф Ислом ахлоқи билан тарбиялаш муҳимлигини баён қилдилар.
Нур-Султон шаҳридаги анжуман давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2472 times

Янгиликлар

Top