Яқиндагина Президентимизнинг бешта йўналишдаги ташаббусини мукаммал бажариш учун амалга оширилиши зарур бўлган ишларни чамалаш мақсадида, тажриба-синов тариқасида Бўка тумани танланганлиги, туманда Президент админстрацияси ходимлари, барча вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсан ўзи ишбоши бўлиб турганлиги, тумандаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, кутубхоналар, мактаблардаги китоб фондлари, аёллар бандлиги, оммавий спортни ривожлантириш каби йўналишларда ҳозирги аҳвол ва мавжуд потенциал ўрганилиб, қурилиш ва янгиланиш ишлари бошланганлиги ҳақида қувончли хабар тарқалган эди. Кейинроқ эса, туманга 18 мингдан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналаридан иборат китоблар карвони етқизилганлиги маълум қилинди.
Ана шу хайрли ташаббусга муносиб ҳисса қўшишда туманнинг кўркига кўрк, чиройига чирой қўшишда, албатта, масжидларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Тумандаги “Сайдали эшон”, “Ровот”, “Эштой бобо”, “Валиғунд” каби жоме масжидлардаги қурилиш ва қайта таъмирлаш ишларини ўрганиш, шунингдек, масжидлар, қабристонлар ва зиёратгоҳларнинг ҳолати, муборак Рамазон ойига тайёргарлик тадбирларини кўздан кечириш, умуман, амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида, 2019 йилнинг 13 апрель куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов Бўка туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати хабар берди.
Туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўзни қувонтириши, бу борада диний соҳа ходимлари ҳам фаол бўлиши лозимлиги алоҳида эътироф этилиб, ютуқ ва камчиликлар, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ва келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинди.
Жуда катта ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган тумандаги Бўстон ҳудудида жойлашган “Бўстон” жоме масжидида вилоят бош имом-хатиби бошчилигида туманда фаолият олиб бораётган барча имом-хатиблар иштирокида ҳашар ўтказилди. Масжидни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва озодалигини сақлаш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати