Ўзбекистон янгиликлари

Гамбургда Ўзбекистонга оид фотокўргазма бўлиб ўтди
Куни кеча Германиянинг Гамбург шаҳрида Ўзбекистоннинг қадимий ва бой маданияти, ноёб осори-атиқалари, зиёрат туризми салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи фотокўргазма ўтказилди. 
 
Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчихонаси, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган кўргазмада Гамбург университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.
 
Кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад – жаҳоннинг етакчи тадқиқот марказлари, эксперт ва илмий доираларни мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихи, танти ва олижаноб халқи, бу кўҳна заминда асрлар давомида шаклланган бағрикенглик маданияти билан таништириш, Ўзбекистоннинг хориждаги дўстлари сафини янада кенгайтиришдан иборат.
 
Тадбир давомида Германия илмий жамоатчилигига сўнгги йилларда мамлакатимиздаги диний-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар, ислом маданияти ва илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган буюк аллома аждодларимиз илмий-маънавий меросини ўрганишга қаратилаётган эътибор ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Мулоқотлар Гамбург университетининг Осиё ва Африка институтида давом этди. Унда Гамбург университети билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. 
 
Томонлар биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, германиялик профессор-ўқитувчиларнинг Ўзбекистонда маърузаларини ташкил қилиш, тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, ноёб қўлёзмаларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорликка оид дастлабки келишувларга эришдилар.
 
“Марказий Осиёдан етишиб чиққан уламолар ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшганлар”, - дейди биз билан суҳбатда Гамбург университетининг Осиё ва Африка институти профессори Юрген Паул.
“Мўғуллар истилосидан аввал Мовароуннаҳр Қуръон, ҳадис, калом ва бошқа ислом илмларининг умумжаҳон маркази бўлган. Ушбу тараққиёт бу ўлка тарихининг кейинги даврларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Айниқса, темурийлар даврида тасаввуф ва ислом фалсафаси каби илмларнинг ривожланиши кузатилди. Биз қадимий ва ноёб қўлёзмаларни ўрганиш соҳасида ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчиларни Германияда кўришдан мамнун бўламиз”.
 
Гамбург университетининг Осиё ва Африка институти директори, “Дер Ислам” журнали бош муҳаррири, профессор Стефан Ҳейдеман кўргазма таассуротлари ҳақида, жумладан, қуйидагиларни таъкидлади: “Атлантика океанигача етиб борган ислом цивилизацияси 2 та асосий марказга эга бўлган. Бири катта ва унумдор ҳудудга эга Марказий Осиё бўлса, иккинчиси Ироқ ерларидир”. Турли даврларда, жумладан, салжуқийлар ҳукумронлиги вақтида Марказий Осиё маданий ва сиёсий марказ вазифасини ўтаган. Бу ерда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари тараққий этган, шаҳарсозлик ривожланган. Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари ислом маданияти ривожида қандай аҳамиятга эга бўлганини тасаввур қилишимиз мумкин. Ушбу маданият Хитой, Эрон, араб диёрлари, Ўрта Ер денгизи мамлакатлари билан ўзаро таъсирда бўлган ва доимо бир-бирини бойитиб келган.
 
Ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиёсиз ислом цивилизацияси бундай оламшумул тараққиётга эга бўлмас эди.
Ислом цивилизациясининг тарихий мақомини ва бугунги кунга таъсирини ўрганишни маҳаллий тадқиқотчи ва олимларсиз амалга ошириб бўлмайди. Шу боис Гамбург университетининг Осиё ва Африка институти Ўзбекистон марказлари билан кенг кўламли ҳамкорликни амалга оширмоқчи. Жумладан, Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий марказлари билан қўлёзмаларни сақлаш ҳамда тадқиқ этиш соҳасидаги ҳамкорлигимиз самарали бўлишига ишонаман. Шунингдек, ислом теологияси йўналишида талаба ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйишга, ўзаро тажриба алмашишга тайёрмиз”.
 
Делегация аъзолари Гамбургдаги Қадимий қўлёзмалар маданиятини ўрганиш марказида ҳам бўлиб, ноёб китоблар ва тарихий ашёларни қайта тиклаш, тадқиқ этиш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган мазкур лабораторияда қўлёзмаларнинг китобат тарихи, ёзув услубига оид тадқиқотлар амалга оширилади. Лабораторияда қўлёзмаларнинг шикаст етган варақларидаги ўчиб кетган ёзувларни қайта тиклаш имконияти мавжуд. “Яқинда катта илмий аҳамиятга эга янгиликнинг устидан чиқдик”, - дейди лаборатория илмий ходими Себастиан Бош. “Ўрта асрларга оид нодир қўлёзмани ўрганишимиз чоғида қайта ёзилган ёзув остида қадимий мусиқа ноталари мавжудлигини аниқладик. Бу нота Европа мусиқа маданиятининг унутилаёзган нусхаси бўлиб чиқди”.
 
Шубҳасиз, минг йиллик тарихдан ҳикоя қилувчи қадимий қўлёзмаларни асраб-авайлаш, улар ўз қатида сақлаб келаётган ҳақиқатларни ошкор қилишда замонавий ёндашувларга эга тадқиқотлар муҳим аҳамиятга эга. Гамбурдаги Қадимий қўлёзмалар маданиятини ўрганиш маркази тажрибаси эса ушбу соҳада Ўзбекистон марказларига ас қотади.
 
 
Манба: http://uza.uz
Read 2253 times

Янгиликлар

Top