Ўзбекистон янгиликлари

Туркиялик мутахассиc: “Мард йиқилгани билан барибир ўрнидан туради”

Ўтган куни Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Эҳсон Чағлар бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур билан мулоқот ўтказди. Унда Туркия қўлёзма асарлар кенгаши бош бошқармаси Китоб шифохонаси ва архив департаменти раҳбари Нил Байдар хоним ва Кўнё шаҳар қўлёзма асарлар минтақавий бошқармаси бошлиғи Бекир Шаҳин жаноблари ҳам иштирок этди.
Шайх Абдулазиз Мансур сўнгги йилларда улуғ алломаларимизнинг илмий меросларини асраб-авайлаш ва уларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш бўйича қилинаётган ишларни билдириб, шундай деди:
– Ўзбекистон заминида Қуръони карим, ҳадиси шариф ва фиқҳ каби нодир асарларнинг қўлёзма нусхалари жуда ҳам кўп. Мустабид тузум даврида мана шундай асарларнинг кўп қисми йўқ қилинган, шундай бўлсада, Ислом динига муҳаббатли халқимиз оғир шароитларда ҳам динимизнинг асосий манбаларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Тараққиётимизнинг янги даврида маънавий меросга бўлган эътибор бутунлай ўзгарди, ноёб асарларни асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш учун жуда кенг имкониятлар берилди. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилгани ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Мана шундай ишларни олиб боришда туркиялик мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш жуда ҳам катта натижаларни беради.
Бекир Шаҳин жаноблари Ўзбекистон диёрида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, шундай деди:
– Ўзбекистон замини қадим-қадимдан илм-фан ўчоқларидан бири бўлган. Бу диёрдан етишиб чиққан мутафаккирларнинг Ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссалари дунё жамоатчилиги томонидан тан олинган.
Улуғ инсонлар айтганидек, мард йиқилгани билан барибир ўрнидан туради. Бугун Ўзбекистонда тубдан янгиланишлар юз бермоқда. Илм-фан ривожланиши учун кенг имкониятлар берилмоқда. Биз ҳам бу ердаги илмий меросларни ўрганишга қизиқамиз. Дунёнинг турли мамлакатларидаги меросларни биламиз, лекин айрим сабаблар билан бир-биримиздаги илмий мерослардан анча вақт бехабар қолдик.
Туркияда қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш, китобларни таъмирлаш, қўлёзма ва тошбосма асарлардан электрон нусха олиш борасида катта тажриба орттирди. Туркияда 17 та йирик китоб фондлари мавжуд. Барча асарларнинг электрон нусхалари ва каталоглари интернет тармоғига жойлаштирилган, ўқувчилар улардан чекловларсиз бемалол фойдаланишлари мумкин.
Нил Байдар хоним Китоб шифохонасида тўпланган тажрибалар асосида Ўзбекистондаги қўлёзма асарларни таъмирлаш, асраб-авайлаш ва тери саҳифа ҳамда муқоваларга ишлов бериш мавзуларида ўқув семинарлари ўтказишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, бундай ишларни мунтазам амалга ошириш учун кадрларни тайёрлаш ҳам катта аҳамиятга эга эканини билдирди.
Котибият мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, туркиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонда маърузалари ўқиши, ноёб қўлёзмаларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорлик ўзининг жуда катта натижалар беришини таъкидлади.
Ҳақиқатан, ноёб китоблар ва тарихий ашёларни қайта тиклаш, тадқиқ этиш, қўлёзмаларнинг китобат тарихи, ёзув услубига оид тадқиқотларни амалга ошириш, шикаст етган қўлёзмаларнинг саҳифалари, ўчиб кетган ёзувларини қайта тиклаш муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2751 times

Янгиликлар

Top