Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон илк бор Arabian Travel Market 2019 кўргазмасида иштирок этди

Яқин Шарқдаги энг йирик Arabian Travel Market халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ва туроператорлар миллий стенд билан иштирок этишди. Кўргазма доирасида ўзбекистонлик ватандошлар ва хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг БААдаги бош консуллиги билан ҳамкорликда араб давлатида турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтиб, у ерда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга доир келишувларга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида намойиш қилинган тақдимот ватандошларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Қизиқарли ва савол-жавобларга бой ўтган учрашувда туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, диаспора вакиллари ва БАА фуқароларини Ўзбекистонга жалб қилиш масалалари ҳамда келгусида ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар муҳокама қилинди. БААдаги ватандошларимиз ҳар қандай тарғибот ишларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Ярмарка доирасида, шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасига инвестиция киритишни истаган, жойлашув воситаларини қуриш истагида бўлган бир неча сармоядорлар билан музокаралар олиб борилди. Осиё давлатларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш учун қатор блогерлар ва телешоулар тайёрловчи хусусий корхоналар вакиллари билан ҳам келишувларга эришилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати билдиришича, Arabian Travel Market 2019 кўргазмасида иштирок этувчилар асосан меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар, транспорт компаниялари, меҳмондорчилик саноати мутахассислари, ўқув муассасалари ва ихтисослашган оммавий ахборот воситалари бўлиб, бундай нуфузли кўргазмада иштирок этиш янги бозорларга чиқиш, янги мижозлар орттириш ҳамда мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш, янги маҳсулотларни йўлга қўйиш имконини берди.

B2B форматидаги учрашувлар натижасида, бутун дунё сайёҳлари ва туроператорлари учун 2800 дан ортиқ туристик маҳсулот ва йўналишлар намойиш қилинди. Кўргазма 28 апрелдан 1 майга қадар ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1982 times

Янгиликлар

Top