Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик қорилар илк бор Малайзияда хатми Қуръонларда иштирок этади

Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж ўлкаларида катта ҳурмат билан қаралган. Айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар сабаб юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқмоқда. Бу йили муборак Рамазон ойида икки мингдан ортиқ ҳофизи Қуръонлар юртимиз масжидларида хатми Қуръон қилиб бермоқда.


Бундан ташқари, ҳар йили анъанавий равишда хорижий давлатлар диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.

Шу кунгача ўзбекистонлик қорилар АҚШ, Россия, Украина каби давлатларда намунали тарзда хатми Қуръонлар ўтказиб, диний маросимларда иштирок этиб келмоқдалар.

Ислом анъаналари қарор топган, кўплаб ҳофизи Қуръонлари билан маълум бўлган Малайзия давлатида ҳам ўзбекистонлик қориларга қизиқиш ва эҳтиром юқори. Яқиндагина Куала Лумпур шаҳрида ўтказилган 61 Халқаро Қуръон мусобақасида вакилимиз Убайдуллоҳ қори Исҳоқов 4-ўрин билан тақдирланган эди. Жорий йил Рамазон ойида эса ушбу давлат масжидларида хатми Қуръонларда иштирок этиш учун илк бор Ўзбекистондан қорилар таклиф қилинмоқда.

Малайзиянинг Перлис штати муфтияти таклифига биноан икки нафар ҳофизи Қуръон қорилар: Наманган вилояти “Машҳад мозор” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Дадамирзаев ва Андижон вилояти “Довудхонтўра” жоме масжиди имом ноиби Шамсиддин Жалиловлар Кангар шаҳри масжидларида таровеҳ намозларида хатми Қуръонларда иштирок этишлари белгиланган. Бугун, 22 май куни эрта тонгда икки нафар қориларимиз ана шу мўътабар сафарга отландилар.

Биз қориларимизга ўзга юрт меҳробларида Аллоҳ таолодан нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимизга муносиб авлод сифатида юртимиз довруғини баланд этишларини тилаб қоламиз. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2336 times

Янгиликлар

Top