Ўзбекистон янгиликлари

Янгилик: «Мен ҳам намоз ўқийман» китоби  брайл ёзувида нашр этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти ва Ахборот-таҳлил бўлими ташаббуси билан “Ёғду” нашриётида «Мен ҳам намоз ўқийман» номли брайл ёзувидаги китоб нашр этилди. Кўзи ожиз, лекин қалб кўзи очиқ мўмин-мусулмонларимиз учун «Мен ҳам намоз ўқийман» китоби муборак Рамазон ойининг энг катта туҳфаси бўлди.
Ушбу китобда динимизнинг беш устунидан бири – намоз ўқишнинг тартиб-қоидалари Ҳанафий мазҳаби бўйича содда, тушунарли баён қилинган. Шунингдек, китобда имон ва ислом шартлари, таҳорат, ғусл таяммум тартиблари, энг фазилатли дуолар ҳақида ҳам қисқа ва муҳим маълумотлар келтирилган.
“Мен ҳам намоз ўқийман” китоби нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда кўзи ожизлар учун ягона нашр бўлди. Ўтган вақт мобайнида “Сиз бизга кераксиз” хайрия тадбирларининг таҳлили шуни кўрсатдики, кўзи ожиз ўқувчиларнинг ушбу китобга эҳтиёжи жуда ҳам катта. Ўлкамизда 60 минг нафарга яқин кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилишини инобатга олсак, ушбу китобнинг аҳамияти нақадар катта эканини англаб етамиз.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бири, кўзлари аъмо бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга ўзларини издош дея таъриф берган бундай инсонларимизнинг хурсандчиликларини кўриб, биз ҳам чексиз қувондик. Мана шундай кишиларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, эътибор бераётган барча инсонларга ташаккур айтамиз.
Ҳақ таоло «Мен ҳам намоз ўқийман» китобини муборак айласин, бундай ишни янада давомли қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2451 times

Янгиликлар

Top