Ўзбекистон янгиликлари

“Ойлар султони – Рамазон!”

Танловга!

Бир куни ишдан уйга келдим ва эшикни тақиллатдим. Аммо, аёлим эшикни очмади. Шунда эрталаб аёлим қариндошимизникига бориб-келишга рухсат сўрагани эсимга тушиб, чўнтагимни ва хамёним солинган сумкани ковлай бошладим. Афсуски, калитим йўқ эди. Тўсатдан аёлимдан жаҳлим чиқа бошлади ва рухсат берганим учун афсусландим (Ишонинг чарчаб келганим учун шунақанги жаҳлим чиққан эди). Қўлимнинг бирида рўзғор учун майда-чуйда нарсалар, иккинчисида эса телефон. Аёлимга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб, рақамларни энди термоқчи бўлгандим, интернет хабарида “Рамазонни муносиб кутиб олайлик” деган хабарга кўзим тушди. Ишлар билан бўлиб, Рамазон кириб келаётганини ҳам эсдан чиқаришга сал қолибди. Ўша жойда туриб, Аллоҳдан мағфират сўрадим. Бир четга ўтирдимда бирма-бир Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисларни ёдга олдим.

Биринчи ёдимга келган ҳадис бу Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: «Жаннатда Райён деган бир эшик бор. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорларгина киради. Улардан ўзга бирон киши ўша эшикдан улар билан бирга кира олмайди. «Рўзадорлар қани?» деган чақириқ келади. Шунда рўзадорлар ўша эшикдан кирадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлгач, эшик беркитилади. Шундан сўнг бошқа ҳеч ким ундан кирмайди» - деган ҳадис эди. Имом Муслим ривояти. Субҳаналлоҳ, ҳозиргина уйимнинг эшиги бир неча дақиқага ёпиқ бўлгани учун қанчайин жиғибийрон чиқиб, ўзимни қўйгани жой топа олмай аёлимдан жаҳлим чиқаётган эди. Агарда, бу эшик ўрнига шу жаннатдаги Раййон  номли эшик бўлганда-чи? (Кўз олдим қорунғулашиб, яна бир бор Аллоҳдан мағфират сўрадим). “Аллоҳга шукр, ҳали имкониятимиз ва вақтимиз бор”-дея аёлимни келишини сабрсизлик билан кута бошладим. Аёлим бироздан сўнг келди ва мени эшикдан кира олмай турганимни кўриб, хижолат бўлди ва ўзини койий бошлади. Мен унга бўлган воқеани ва бу яхшиликка бўлганини хурсанд бўлиб айтдим. Кейин икковимиз уйга кирдик ва биргаликда рўзага оид оят, ҳадис ва тиббий маълумотларни кўра бошладик. Рўза ислом динининг беш фарзидан бирилиги ва у Аллоҳ томонидан ҳар бир мусулмонга фарз қилинганлиги тўғрисидаги Қуръони Каримнинг оятларидан бири бўлган: “Эй, иймон келтирганлар! Тақволи бўлишларингиз учун Сизлардан олдинги (уммат)ларга  фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди[1] - оятини учратдик (Бақара сураси, 183 оят). Аллоҳ ўзининг оятида иймон келтирганларга қарата рўзани тутишга буюрди. Бундан энг асосий мақсад, тақволи бўлишлигимиз учундир. Демак, гўзал тақво либосимиз бўлиши учун рўза тутмоғлигимиз лозимдир. Бу хусусда, имом Ғаззолий ҳазратларининг қуйидаги сўзларини ёдга оламиз: “Рўзадан мақсад Аллоҳ таолонинг хулқларидан бир хулқ – беҳожатлик билан хулқланиш, нафс истакларидан имкон қадар тийилиш орқали, шаҳватлардан пок фаришталарга иқтидо қилишдир. Инсон ҳайвон мартабасидан шаҳватларни ақл нури ёрдамида синдириш қувватига эгалиги билан устун туради. Аммо, шаҳватлар унга ўз таъсирини ўтказгани, у нафсу ҳавосига қарши курашишга мажбурлиги юзасидан фаришталардан қуйи туради. У шаҳватларга – нафс истакларига берилгани сари энг қуйи табақаларга – асфала софилинга қараб кетади, натижада ҳайвонлар даражасига тушиб қолади. Шаҳватини тийгани сайин фаришталарнинг олий мақомига кўтарилиб боради, натижада фаришталар уфқига етади”. Демак, инсон рўза тутиш орқали нафақат ўз таън-вужуди, балки қалбини поклаб, иймонини мустаҳкамлайди. Қолаверса, беҳожатлик билан хулқланади.  Бу инсон учун энг катта инъомдир.

Шунингдек юқоридаги таърифга эътибор беринг: “...нафс истакларидан имкон қадар тийилиш орқали, шаҳватлардан пок фаришталарга иқтидо қилишдир”. Инсон учун фариштларга иқтидо қилишдек бахт бўлмаса керак. Бу гуноҳсиз бўлган Аллоҳнинг фаришталари каби дуоингиз шаксиз мустажоб, жаннат сизга вожиб бўлади деганидир. Шундай экан, бу дамларни ғанимат билмоқ ва ундан фойдаланиб қолмоқ керак.

Шу алфозда аёлим билан бирма-бир ҳадисларни кўраётган эдик, аёлимнинг юзи ёришиб кетди ва бир ҳадисни кўрсатди. Яъни, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрга итоат қилса, унга “Жаннатнинг  қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади[2]. Тасаввур қилиб кўринг, жаннатнинг саккиз эшигининг хоҳлаганидан киравер дея лутф этилишини. Аслида яшашимиздан мақсад шу эмасми?!

Рамазон ойида рўза тутишнинг инсоннинг иймонига, тақвосига, соғлигига, руҳиятига ижобий таъсири ҳақида кўп гапириш мумкин. Аммо, бунинг асл фойдасини Аллоҳнинг ўзи билади.

Барчамизга эшик олдида кутиб туриш эмас, балки жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кириш насиб қилсин (Амин). Барчангизга ойлар султони-моҳи Рамазон муборак бўлсин!

 

Умиджон Абдубаннаев,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси 

 

[1] Қуръони Карим маънолари таржимаси. Шайх Абдулазиз Мансур.

[2] Имом Аҳмад ривояти

Read 2053 times

Янгиликлар

Top