Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат нуфузли анжуманда нутқ сўзлади

Бугун, 19 июнь куни Австрия давлатининг пойтахти Вена шаҳрида Кавказ мусулмонлари идораси, Германиядаги Озарбайжон Республикаси элчихонаси, Подшоҳ Абдулазиз номидаги Маданият ва динлараро мулоқот халқаро маркази, Женеванинг инсон хуқуқлари ва халқаро мулоқот маркази ҳамда Озарбайжон цивилизациялар ва динлараро ёрдам халқаро маркази томонидан ташкил этилган “Динлар ва цивилизациялараро ҳамкорликдан умумбашарий бирдамлик сари” номли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
Анжуманда дунёнинг барча мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ҳам анжумани ишида фаол қатнашмоқда. Сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор қатор эзгу ташаббуслар илгари сурилганини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бутун дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда илоҳий динлар пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ.
Ушбу нуфузли анжуманда сўзга чиққан нотиқлар турли халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш ҳамда умумбашарий бирдамликни таъминлаш кераклиги борасида сўз қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2717 times

Янгиликлар

Top