Ўзбекистон янгиликлари

Президент Шавкат Мирзиёев: Ислом цивилизацияси маркази илмий фундаментал база бўлиши лозим

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили июнда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйган эди. Ўтган вақт давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Иншоот ертўласи ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми конструкциялари монтаж қилинмоқда.  

Қарийб 10 гектарни эгаллаган муассаса илмий-маърифий марказ бўлади. Бино ертўласида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни реставрация қилиш хоналари бўлади. Биринчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари жойлашади. Марказий фойега Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватдан ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналар ўрин олади. 

Давлат раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари юзасидан ўз тавсияларини берди.

 

-  Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Уни талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича давлатимиз раҳбари кўрсатмалар берди.

Манба:  https://president.uz

Read 2469 times

Янгиликлар

Top