Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Озодликдан маҳрум этилган собиқ талабаларни олий таълим муассасаларидаги ўқишини давом эттиришига шароит яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Озодликдан маҳрум этилган собиқ талабаларни олий таълим муассасаларидаги ўқишини давом эттиришини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, маҳкумларнинг ўқишини давом эттириш уларнинг ўқишини сиртқи таълим шаклига тиклаш (кўчириб тиклаш) ва интернет тармоғи орқали масофадан (он-лайн) ўқитишни ташкил этиш асосида амалга оширилади.
Маҳкумларнинг ўқишини тиклаш (кўчириб тиклаш) таълим йўналишларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда ваколатли комиссиялар қарорларига асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан олий таълим муассасасидаги ўқишини давом эттириш истагини билдирган маҳкумларнинг ўқишини тиклаш (кўчириб тиклаш) тўғрисидаги ариза ва тегишли ҳужжатлари (паспорт нусхаси, рейтинг дафтарчасидан ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотномадан нусха) уларнинг жазони ижро этиш муассасалари ижро жойи ва турини инобатга олган ҳолда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати