Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат ҳаж зиёратчиларига тавсиялар берди

30 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов Макка шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчилар билан суҳбат ўтказиб, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш билан боғлиқ муҳим тавсияларни бердилар.
Йиғилишда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб бердилар. Айниқса, ҳаж сафари бўйича хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, қўшимча имтиёзлар берилиши баробарида нарх-навони ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада арзонлаштирилганини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаркат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ мақомга эришишини баён қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов сўзга чиқиб, зиёратчиларимиз риоя этиши лозим бўлган тартиб-қоидалар, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот берди.
Тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни берди.
Йиғилиш якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2487 times

Янгиликлар

Top