Ўзбекистон янгиликлари

Видеоучрашув: мисрлик академик Имом Мотуридий ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказида 8 август куни Мисрнинг Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Муҳаммад Назир Ийад билан видеоконференция бўлиб ўтди.

Марказ мутахассислари, олимлар, Ҳадис мактаби ўқитувчилари иштирок этган тадбирни Марказ директори Ш.Зиёдов очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг 2018 йил сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашуви икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб берганини, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, илм-фан ва аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш йўналишида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
ЎзА хабарига кўра, ушбу видеоконференция Ўзбекистон расмий делегациясининг 15 июль куни Қоҳирада мисрлик таниқли академик билан бўлиб ўтган учрашувининг мантиқий давоми бўлди.

Академик Муҳаммад Назир Ийад ўз тадқиқоти – Имом Мотуридий ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилди.

Видеоконференцияда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, ислом цивилизацияси ва илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Академик Муҳаммад Назир Ийад анжуман қатнашчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2116 times

Янгиликлар

Top