Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожиларимиз шайтон рамзига тош отишмоқда

Айни кунларда ҳожиларимиз Жамарот майдонидаги шайтон рамзига тош отиш амалини адо этмоқдалар. Ҳажда тош отиш амали, шайтон Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда уни қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.
Тарихдан маълумки, Иброҳим алайҳиссаломнинг шайтонга тош отиб музаффар бўлган жойлари Мино банданинг ҳар қандай ҳолда Роббисига таслимият қилган бир макондир.
Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тош бўрон қилиш ила бошланади. Ҳажнинг вожиб бир рукни бўлган шайтонга тош отиш, бир жиҳатдан уни лаънатлаш маъносидадир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бунда шакл эътибори билан отилган тош, аслида гуноҳга отилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам шундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.
Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.
Шу жиҳатдан мўминнинг зиммасига тушган шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиш зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.
Ҳожиларимизнинг амалларини Ҳақ таоло даргоҳида қабул айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2461 times

Янгиликлар

Top