Ўзбекистон янгиликлари

Подшоҳ меҳмонларининг миннатдорлиги

Саудия Арабистони Подшоҳи таклифига биноан ўзбекистонлик бир гуруҳ уламолар ва илм-фан соҳасининг етук намоёндалари муборак ҳаж амалларини адо этиб, она-Ватанга қайтиб келдилар.
Ушбу меҳмонларга бошчилик қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчи Абдуҳаким қори Матқулов муборак сафар таассуротларини қуйидагича баён этдилар:
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беадад дуруду саловотларимиз бўлсин!
2019 йилги муборак Ҳаж ибодатини диёримизнинг энг етук уламолари билан Саудия Арабистони подшоҳининг таклифига биноан бориб, Алҳамдулиллаҳ, адо этиб келдик.
Бутун дунё ҳожилари билан биргаликда, авваламбор, Каъбаи муаззамада, Мино, Муздалифа, Арафот тоғларида гарданимиздаги Ҳаж ибодатини адо этиш билан бирга ўзимиз, оиламиз, юртимиз ҳақида, юртимизда бўлаётган ислоҳотлар, яхшиликлар, янгиликларнинг давомли бўлишини, юртимиз бунданда гўзал, дунёдаги энг етук давлатлардан бири бўлишини Аллоҳ таолодан дуою илтижо қилиб сўрадик.
Биз, авваламбор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитаси ва хусусан, Юртбошимизга алоҳида барчамизнинг ташаккурларимиз бор. Албатта, у кишининг ҳақларига дуода бўлдик. Юртимиздаги ислоҳотлар давомли ва халқимизга манфаатли бўлишини Аллоҳ таоло Ўзи насиб айласин!
Ҳаж ибодатини Ўзбекистондан борган барча ҳожиларимиз бутун дунё ҳожилари билан биргаликда чиройли ҳолатда адо этишди.
Шунингдек, биз уламоларимиз билан биргаликда Мадинаи Мунавварага сафар қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилдик. У ерда ҳам ҳожилар билан бирга ўзимиз, оиламиз, барча мўмин-мусулмонлар номидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд, саловот ва саломларни етказдик. Барчанинг ҳақига дуолар қилдик.
Мана, Алҳамдулиллаҳ, бугун 17 август куни юртимизга соғ-саломат қайтиб келдик.
Гуруҳимиз асосан диний мадрасаларимиз ва олий ўқув юртларимиз, Ислом академиясида ёшларга таълим-тарбия бераётган устозлар, мударрислардан иборат.

Келажакда, инша Аллоҳ, бу устозларимиз ёшларимизга илм, маънавият, маърифат, тарбия бериб, Динимизга, ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган кадрларни етиштирадилар.
Аллоҳ таоло барчамизнинг адо этиб келган Ҳажимизни муборак айласин! Бундан кейинги йиллардан ҳожиларимизнинг сони кўп бўлишини Парвардигорнинг Ўзи насиб айласин!
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи таъалаа ва барокатуҳу.

Read 1980 times

Янгиликлар

Top