Ўзбекистон янгиликлари

Аҳолига китоб мутолаасининг фойдалари ҳақида сўзлаб берилди

АҚШнинг Йел университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра китоб мутолаасини севадиган ва бу иш билан мунтазам шуғулланадиган кишилар бошқаларга нисбатан 2 йил кўпроқ умр кўрар экан. Ҳафтасига 3 ярим соатини ва ундан кўпроқ вақтини ўқишга сарфлайдиган кексаларда ўлим хавфи яқин 12 йилда бошқа қарияларга нисбатан 20 фоизга кам бўлар экан. Бу китобхонликнинг муайян жисмоний таъсиридир. Унинг маънавий таъсири, инсон ички дунёси, руҳияти, билимининг бойишига кўрсатадиган таъсирининг эса таърифи йўқ. Бугун афсуски, нафақат ёш авлод, балки, катталар ҳам китоб мутолаасидан узоқлашаётган бир пайтда чин маърифат манбаларидан узилишнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш миллат тақдири йўлидаги муҳим тарғиботдир.

Самарқанд шаҳар “Қўшбоқолли” жоме масжиди имом-хатиби Жобир Рустамов “Сарбадорлар” маҳалласи фуқаролари билан “Жаҳолатга қарши маърифат билан” номи остида ўтказган суҳбатда ана шулар ҳақида сўзлаб берди. Имом-хатиб юртимиздаги хайрли ислоҳотлардан бири бу чекка қишлоқларда ҳам аҳолини китоб мутолааси билан ошно этиш мақсадида кутубхоналарнинг ташкил этилаётганлиги, бу имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлади. Зеро, жамиятда содир бўлаётган турли муаммолар, жиноят, номақбул хатти-ҳаракатлар илмсизлик, маънавий қашшоқлик оқибати эканлигини тушунтириб, бунга тарихдан ибратли мисолларни келтириб ўтди. Йиғилганларнинг Ислом динидаги масалаларга оид саволларига жавоб берди.

   

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Read 1770 times

Янгиликлар

Top