Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек меъморлари бунёд этган "Рамзан Қодиров" масжиди очилиши бўлади

23 август, жума куни Чеченистоннинг Шали туманида барпо этилган “Рамзан Қодиров” номидаги муҳташам масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрган мартабали меҳмонлар орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.

Мазкур ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган жоме масжид, ҳар бири 63 метр бўлган тўрт минорага ва баландлиги 43 метр бўлган қуббага эга. Масжид қурилиши 2012 йилда бошланган. Чиройи ва услуби жиҳатидан масжид дунёда ўзига хос бўлиб, унинг ичи ва ташқариси юнон оқ мармарлари билан безатилган.

Эътиборли томони шундаки, Шали шаҳрида қад ростлаган улуғвор ва кўркам масжид кўп асрлик бой меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ва қўли гул ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда барпо этилган.

Бино тўрт томондан кириш порталига эга. Бинонинг ташқи ва ички томони оқ рангдаги тошлар, ўзбекона услубдаги орнамент ва нақшлар билан безатилган, шарқона безаклар билан уйғунлашиб кетган. Масжид қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубига ўхшаш.

Чеченистондаги мана шундай файзли масжиднинг заминимиздаги қадимий масжидлар услубида қурилиши ўзбек ва чечен халқларини мустаҳкам ришталар чамбарчас боғлаб туришини яққол намоён этади.
Маълумотларда қайд этилишича, ушбу масжид Европа минтақасидаги энг йирик масжидлардан бири бўлади. Масжидда бир вақтнинг ўзида 30 мингдан зиёд киши ибодат қилиши мумкин экан.

Масжид очилиш маросими доирасида Дурди шайх номидаги Қуръон ҳофизлари мактабининг тантанали очилиши, халқаро Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлаш, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган энг яхши нашида мусобақаси ғолиблари чиқишлари каби маросимлар ҳам ўтказилади.

Маълумот ўрнида, Рамзан Қодировнинг отаси, Чеченистон Республикасининг биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодиров дастлаб Бухородаги Мир Араб мадрасасида кейин Тошкент ислом институтида таълим олган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2414 times

Янгиликлар

Top