Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим

Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш кўзда тутилган. Симметрик тарзда иккита масжид ва тўртта минора қуриш, йўлдан кириб келишда ҳиёбон, унинг атрофида кичик меҳмонхоналар ва битта йирик меҳмонхона, бошқа инфратузилма объектларини бунёд этиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамрохлигида зиёрат қилдилар. Имом Бухорий мажмуасида Қуръони карим тиловат қилиниб, дуо қилинди. Ушбу мажмуани реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишдилар.

«Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди, ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мажмуа реконструкциясини шошмасдан, чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кўп қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мажмуадаги ишлар мамлакатда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1980 times

Янгиликлар

Top