Ўзбекистон янгиликлари

Фарғона вилоятида “Энг маърифатли имом” танлови ғолиби аниқланди

Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб келаётган имомлар ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танлови ўтказиб келинади.

 27 август куни Марғилон шаҳридаги “Саиджалолхон тўра” масжидида мазкур танловнинг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг биринчи – шаҳар-туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 19 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари иштирок этдилар.

Иштирокчилар ўзлари танлаган билетларда белгиланган Қуръони карим, тажвид, тафсир, ҳадис, ақоид ва фиқҳ илмига доир саволларга эгаллаган билимларидан келиб чиқиб жавоб бердилар. Иштирокчиларнинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, Марғилон шаҳридаги “Саиджалолхон тўра” масжиди имом-хатиби Юнусхон Мамарасулов 1-ўринни, Қўштепа туманидаги “Сармазор” масжиди имом ноиби Хайруллоҳ Каримов 2-ўринни ҳамда Данғара тумани “Оқтепа” масжиди имом-хатиби Отабек Аҳмедов 3-ўринни қўлга киритдилар.

Биринчи ўрин соҳиби Юнусхон Мамарасулов танлованинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, танловга ҳамоҳанг равишда турли номинациялар бўйича масжидларда фаол хизмат кўрсатиб келаётган ходимлар тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Read 2764 times

Янгиликлар

Top