Ўзбекистон янгиликлари

Франция компанияси Ўзбекистон брендини хорижда тарғиб қилишда ёрдам беради

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Францияга ташрифи доирасида Interface Tourism Group президенти Гаел де Ла Порте ҳамда компанияни ривожлантириш бўйича директори Жули Жеффрой билан учрашди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ўтган учрашув давомида томонлар Ўзбекистон брендини дастлаб Францияда, кейин эса Европа миқёсида тарғиб қилиш масаласини муҳокама қилишди. Interface Tourism Group 20 йилдан буён Франция бозорида фаолият юритиб, пиар билан шуғулланувчи энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Томонлар Ўзбекистонни қандай ва қайси йўналишларда тарғиб қилиш кераклиги борасида сўз юритишди.

Тадбир якунига кўра, Франция компанияси Ўзбекистоннинг ўзига хос туристик салоҳиятидан келиб чиқиб, максимал самара берувчи таклифлар беришига келишилди. Бунда мамлакатимиздаги туристик йўналишлар, бой маданий мерос ҳамда франциялик туристларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинадиган бўлди.

Шунингдек, Interface Tourism Group Ўзбекистон бўйича махсус материаллар тайёрлаш, мақсадли оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш, турли туристик кўнгилочар теледастурлар ва мақолалар тайёрлаш кабиларни ўз ичига олган кенг қамровли пиар режасини тузиб, Ўзбекистонга тақдим этишига келишилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1898 times
Tagged under

Янгиликлар

Top