Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент халқаро аэропортида яна битта намозхона ташкил қилинди

Яқинда ижтимоий тармоқларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг қўниш залида ибодат қилиш учун шароит йўқлигига доир маълумотлар тарқалган эди.

Аэропорт маъмурияти кўп сонли мурожаатлар ҳамда сайёҳларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, оператив равишда қўниш зали ҳудудида ибодат қилиш учун намозхона ташкил қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда.

Хабарда келтирилишича, ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида намозхона очилган эди. Ибодат хонаси аэропортнинг халқаро йўналишларни кутиб олиш залининг Б8 йўлаги олдида жойлашган бўлиб, ундан мусулмон йўловчилар ҳозирга қадар фойдаланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу каби шароитларнинг яратилиши юртимизга зиёрат туризми мақсадида ташриф буюрувчи мусулмон сайёҳлар ҳамда Ўзбекистон фуқароларига қўшимча қулайлик туғдиради. Шунингдек, аэропорт маъмуриятининг бу каби мурожаатларга оператив муносабат билдириши халқнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатимизда жамоатчилик назоратининг кучайиб бораётганидан далолат беради – дейилади қўмита тарқатган хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2014 times

Янгиликлар

Top