Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари косонсойлик намозхонлар билан учрашди

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирокида Наманган вилоятида аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказиш, аҳоли билан маърифий суҳбатлар қуриш ва намозхонлар билан самимий учрашувлар ўтказиш тадбирлари давом этмоқда. 

Бугун муфтий ҳазратлари Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Аълохон Махдум” жоме масжидида аср намозини намозхонлар билан биргаликда адо этдилар.  

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари аср намозидан сўнг намозхонлар билан бўлиб ўтган учрашувларда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу бериб, мана шундай улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилиш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш эканини алоҳида қайд этдилар.

Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида юртимиз мўмин-мусулмонларининг турмуш ҳаётини яхшилашга жуда катта эътибор берилаётгани, янгидан-янги масжид-мадрасалар ва илмий мактаблар мўмин-мусулмонларга туҳфа этилаётганини батафсил сўзлаб бердилар. Мана шундай неъматлар оғушида яшаётган халқимиз доимо амалда шукрона қилиши, ёшларимизни таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиши ва бугунги мураккаб даврда адашган оқимлар таъсиридан жиддий ҳимоя қилиш зарурлигига алоҳида урғу қаратдилар.

Шунингдек, диёримиздаги тинчлик неъматининг қадрига етиш, ҳозирги даврдаги турли таҳдидлардан огоҳ бўлиш ва ёшларни ботил эътиқодларга алданиб қолмасликларига катта эътибор қаратдилар.

Косонсой туманидаги “Аълохон Махдум” жоме масжиди намозхонлари муфтий ҳазратларининг мазмунли суҳбатлари учун миннатдорлик билдириб, элу халқимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2026 times

Янгиликлар

Top