Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига 5500 та китоб келтирилди

2019 йил 24 июнда Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда жаҳон илми ютуқлари, Ўрта Осиё заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросига доир чет элларда чоп этилган хорижий адабиётларни сараланганлиги ва улар билан Марказ кутубхонасини янада бойитиш орқали илмий тадқиқот ишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва ушбу адабиётларнинг мазмун-моҳиятини келажак авлодга етказишдек вазифа белгиланган.

“Мазкур қарорни ижросини таъминлаш мақсадида бир неча исломшунос ва манбашунос олимлар билан Миср ва Туркия давлатидаги машҳур нашриётларга сафар уюштирилди. Натижада мазкур китоблар яъни 1000га яқин номдаги 5500 та китобнинг барчаси Марказга келтирилди. Келтирилган китобларнинг аксарияти Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Ибн Сино каби алломаларнинг бетакрор ва мўътабар асарлари ҳисобланади. Шунингдек, турли тилдаги луғатлар, энциклопедиялар, қомуслар, био-биографик асарлар ҳам ўрин олган. Улар араб, турк, ингилиз, форс, француз тилларига бўлинади. Китобларни тўплашдан асосий мақсад, бой маданий меросимизни тадқиқ этувчи исломшунос, шарқшунос, тарихчи каби соҳа вакиллари ўз тадқиқоти учун бу муҳим манбалардан истифода этишга шароит яратишдир. Ўйлайманки бу китоблар йиллар давомида соҳа вакиллари учун манбалар хазинаси сифатида хизмат қилади” дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов.  

Бугунги кунда Мисрнинг “Дорус салом” мактабасидан жами 851 номдаги 5 мингга яқин (4733 дона), Туркиянинг “Иршод” мактабасидан 148 номдаги 647 дона жами 5500 донага яқин илмий, адабий, бадиий, тарихий асарлар харид қилиниб, Марказга олиб келинди. 

Бугун, 16 сентябр куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ушбу китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда халқаро марказ ходимлари, Самарқанд вилоят бош имом хатиби, имом хатиблар, Ҳадис мактабининг устоз ва талабалари иштирок этди.  

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Read 1724 times

Янгиликлар

Top