Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди ижтимоий тармоқлардаги  хабарларга муносабат билдирди

20 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Вақф” фонди фаолияти ҳақида яна асоссиз хабарлар тарқалди. Биз ушбу хабарларда нима дейилгани, қандай ёлғон тўқилгани тўғрисида тўхталмоқчи эмасмиз.

Фонд томонидан шу йил 9 ойи давомида бажарилган энг асосий хайрия ишларни баён қиламиз, хулоса эса Сиз азизлардан.

 

1593 нафар фуқарога моддий ёрдам берилди

1593 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга 1 миллиард 841 миллион 587 минг сўмлик моддий ёрдам ҳамда 80 миллион сўмлик 40 дона ногиронлик аравачалари тарқатилди.

 

3 кишининг турар жойи таъмирланди

Ёрдамга муҳтож 3 нафар фуқаронинг уйлари 8 923 000 сўмлик Фонд маблағлари ва ҳомийларни жалб этган ҳолда қайта таъмирланди.

 

770 та имомга 370 миллион сўм ойлик маош берилди

“Вақф” фонди томонидан шу йил январь ойидан бошлаб жойлардаги 770 та олис ҳудудда жойлашган ва кам даромадли масжидлар имом-хатибларига ойлик маошлари учун ҳар ой 370 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилмоқда.

 

“Модул” янги диний таълим тизимига 190 миллион сўм ажратилди

Тошкент ислом институтида янги ташкил этилган “Модул” таълим тизимида жойлардаги масжидларда меҳнат қилаётган ўрта махсус маълумотга эга бўлган имомларни олийлаштириш бошланди. Шу муносабат билан 60 ўринга мўлжалланган дарс хоналар, ўқув предметлари, таълим дастгоҳлари, ошхона ва ётоқхона учун 190 миллион сўм маблағ сарфланди.

 

8 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминди

Шу йил февраль ойида Сурхондарё вилоятидаги “Боғи Обод”, “Себзор” ва “Эҳтиром” маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминди. Бу ишларга жами 70 000 000 (етмиш миллион) сўм сарфланди.

 

 

157 миллион сўмлик Рамазон туҳфалари

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Рамазон ойида 157 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

 

2 миллиард сўм закот маблағлари ҳақдорларга етказилди

Рамазон ойида 2 миллиард сўм закот ва хайрия маблағлари ҳақдорларга етказди.

 

70 та йирик ва 260 та кичик қорамол гўштлари улашилди

Фонд ва ҳудудий филилаллар томонидан “Қурбонлик – 2019” хайрия тадбирлари ташкил этилиб, улар доирасида 70 га яқин йирик ва 260 га яқин кичик қорамол қурбонлик қилинди. Йигирма мингга яқин кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга қурбонлик гўштлари тақсимлаб берилди.

 

Мурувват карвони

“Мурувват карвони” хайрия тадбирида 200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачалари тақдим қилинди. Тадбирлар доирасида жами 190 миллион сўм маблағ сарфланди.

 

3000 дона Қуръони карим ҳадя қилинди

“Ҳилол-нашр” нашриётида чоп этилган 93 миллион сўмлик 3000 дона Қуръони карим китоблари барча вилоятлардаги жоме масжидларга ҳадя қилинди.

 

14 миллион сўмлик китоб улашилди

14 миллион сўмлик диний китоблар Навоий вилоятидаги 15 та масжидга етказилди. Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” масжиди кутубхонаси учун 3,7 миллион сўмлик диний китоблар тақдим этилди.

 

Ўқув-тўлов шартномалари тўланди

Тошкентдаги Хадичаи Кубро ўрта махсус аёл-қизлар ислом билим юртининг 10 нафар талаба қизларига 2-семестр учун 27 050 000 сўм ўқув шартнома пули тўлаб берилди.

Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг 5 нафар эҳтиёжманд талабасига 16 250 000 сўмлик ўқув-шартнома пули тўлаб берилди.

Бухоро вилоятидаги “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига 30 миллион сўмлик 10 дона компьютер жамланмаси берилди.

 

Оққон беморларга дори-дармон берилди

Республика гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида даволанаётган оқ қон (лейкоз) касаллиги билан касалланган беморларнинг 85 нафарига 137 миллион сўм ёрдам пуллари берилди.

 

70 миллион сўм сурдо таржимага сарфланди

Эшитиш ва гапиришда нуқсони бор фуқаролар учун барча вилоятларда жума маърузаларини сурдо таржималарини намойиш қилиш лойиҳаси бўйича 70 миллион сўм маблағ ажратилди.

 

7 та никоҳ ва 35 та суннат тўйи

Навоий шаҳрида ҳомийлар ёрдамида 7 та никоҳ ва 35 нафар боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди. Ёш оилаларга хайрия тариқасида 3 500 000 сўмлик электр-техника жиҳозлари, суннат тўйи ўтказилаётган болаларга эса велосипед ва кийим-кечаклар етказиб берилди.

 

“Вақф-мед” дорихоналари

Тошкент шаҳридаги “Олтинтепа” маҳалласи ҳудудида биринчи “Вақф-мед” дорихонаси ташкил этилди. Савдодан тушган маблағ вақф мулкларини шакллантириш ва хайрия ишларига йўналтирилмоқда. Айни пайтда дорихонани дори маҳсулотлари билан бойитиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Нон ва нон маҳсулотлари

 

Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида бир кунда 2 минг дона қолипли нон ишлаб чиқарилмоқда. Ўз навбатида айтиш керакки, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзига хос қатъий талаблари бўлгани боис, ушбу шароитларни ҳозирлаш учун мазкур цех бир неча кун фаолият олиб бормади. Шунингдек, ушбу цехга тоза ичимлик суви олиб келиш учун ҳам бир неча кун сарфланди. Айни кунларда цехнинг фаолияти бир маромда давом этмоқда.

 

Вақф ерлари

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 16 гектар Фондга ажратилган ер майдонида бугунги кунда лимон ва кунгабоқар экинлари парваришланмоқда.

Ўз навбатида айтиш керакки, “Вақф” фонди Устави фаолиятига асосан вақф мулкларини шакллантириш учун ишлаб чиқариш корхоналари, савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари очиш мумкин. Тушган даромаднинг тегишли қисми хайрия ишларига йўналтирилади.

 

Зиёратгоҳларни обод қилиш

2018 – 2019 йиллар давомида зиёратгоҳларни қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, коммунал тўловларни тўлаш ва 750 нафарга яқин зиёратгоҳларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақлари ва бошқа харажатларга жами 17,1 млрд. сўм маблағ сарфланган.

 

Ҳомийлар маблағларини жалб этиш ва йўналтириш

 

Ўз навбатида айтиш керакки, “Вақф” фонди ҳисоб рақамларига тушган маблағлардан ташқари Фонд масъулларининг саъй-ҳаракатлари ва қўли очиқ кишиларнинг мурувватлари билан ҳам жуда катта хайрия ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятларининг энг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган бир неча масжидларнинг бунёд этиш ишларига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ миқдоридаги қурилиш материаллари етказилган.

 

Хулоса

Юртимиздаги ўзгаришлар натижасида юз йилдан кейин тикланган, эндигина 1,5 ёшга тўлиб-тўлмаган “Вақф” фондини барчамиз қўллаб-қувватлайлик!

Фонд фаолияти шаффоф бўлиб, маблағлар айланиши ва сарф-ҳаражатларини онлайн кузатиш мумкин.

Ҳар қандай саъй-ҳаракат бор жойда хато бўлиши мумкин, иш-ҳаракатсиз жойдагина нуқсон бўлмайди.

Шундай экан Сиз азизларнинг Фонд равнақи йўлида берган ҳар бир таклиф ва мулоҳазаларингизни самимий қабул қиламиз.

Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин!

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2987 times

Янгиликлар

Top