Ўзбекистон янгиликлари

Яшнабод тумани 30-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг қалбларига ҳушнудлик улашилди

وَٱلَّذِينَ ٱسۡتَجَابُواْ لِرَبِّهِمۡ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَمۡرُهُمۡ شُورَىٰ بَيۡنَهُمۡ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар”
(Шўро сураси, 38-оят).

Тошкент шаҳар, Яшнабод тумани "Ал-ҳудайбия" жоме масжиди имом хатиби Муродуллоҳ домла Ғойибназар ҳожи ўғли бошчиликларида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири бугун Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 30-меҳрибонлик уйида ҳам ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ота-онасини йўқотган болалар қалбига ҳурсандчилик бахш этиш, маънавий-маърифий тадбирлар асносида ёшларга тўғри тарбия бериш, юртга садоқат, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдир. Бугун бўлиб ўтган бу тадбир жуда чиройли ташкил этилган бўлиб, унга Яшнобод туман ҳокимлигидан, Яшнобод туман Ички ишлар бўлимидан меҳмонлар ташриф буюрди.
Бундан ташқари тадбирда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани "Холид ибн Валид" жоме масжиди имом хатиби Исроилжон домла Исмоилжон ўғли ҳам қатнашиб, тадбирнинг янада файзли ўтишига кўмак бердилар.
Тадбирда Муродуллоҳ домла болалар ва уларнинг меҳрибон тарбиячилари учун илмий-маърифий суҳбат қилиб бердилар. Уларга Мустақил ватанимиз учун муносиб хизмат қилиш энг олий мақсад эканини тушунтириб бердилар. Суҳбатдан сўнг болаларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Давра қизиқарли бўлиши учун савол-жавоб викторинаси ташкил этилди. Унда болажонларга диний-маърифий, илмий-адабий ва тарихий-маънавий саволлар берилиб, саволларга тўғри жавоб берган болаларга эсдалик совғалари, китоблар ҳадя этилди. Болажонлар учун ёзилган дастурхон ҳам уларни жуда мамнун этди. Бу орада бизни ҳам бениҳоя ҳурсанд этган нарса, болаларнинг аксари рус миллатига мансуб бўлсада, уларнинг ўзбекона урф-одатларга кўра, миллий қадриятлар асосида тарбия топаётгани бўлди. Болаларнинг бари қўллари кўксиларида салом беришар, одаб-ахлоқнинг юқори намунаси сифатида муомалада бўлишди. Бу бизни жуда ҳурсанд қилди, ҳайратландик. Шундай фарзандлар тарбия қилаётганларга раҳмат айтар эканмиз Аллоҳ таолога бениҳоя шукурлар қилдик. У ердаги болаларнинг деярли барчаси ислом динида улғаймоқда. Улар биз берган қисқа диний саволларга ҳам тўғри ва аниқ жавоб беришди. Келажакда ана шундай болалардан яна имом Бухорийлар, имом Термизийлар, имом Абу Мансур Мотуридий ва имом Насафийлар чиқишига ишонамиз.
Ана шундай тадбирлар билан инсонларнинг кўнглини кўтариш савобли ишлардан бўлиб, Аллоҳ бундай хайрли ишларни янада бардавом айласин.


Жамшид НАЗАРОВ.

Read 2074 times

Янгиликлар

Top