Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда “Имом Ал-Бухорий” номи зиёрат туризмини ривожлантирувчи бренд

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси биносида хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўлими вакиллари Малайзиянинг PacPlus Resources, Midlands Aviation Asia Pacific (M) Sdn.Bhd. ва Malaysia-Uzbekistan Chamber of Commerce компаниялари вакиллари билан учрашди.

Хорижий делегация вакиллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда туристик соҳанинг тезкор ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан хабардор қилинди. 85 мамлакат, шу жумладан Малайзия фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши, виза жараёнларининг соддалаштирилиши, электрон виза бериш тизимининг йўлга қўйилиши, шунингдек машҳур хорижий ОТМларни жалб қилган ҳолда туризм соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Малайзия компаниялари вакиллари туризм секторида инвестиция лойиҳалари учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар билан батафсил таништирилди. Ўз ўрнида, хориж томон ташрифнинг сифатли ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдириб, икки томонлама ҳамкорликнинг бошланиши Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган даврга тўғри келганини қайд этди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Малайзия компаниялари вакиллари икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга бор кучларини сарфлашга тайёр эканини маълум қилишди. Учрашув доирасида зиёрат туризми салоҳиятли йўналишлардан бири сифатида эътироф этилиб, салоҳиятли сармоядорларга республикада уни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида зарур маълумотлар берилди.

Меҳмонлар Малайзияда “Имом Ал-Бухорий” номи зиёрат туризми бўйича туристлар сонини оширишга туртки бера олувчи бренд экани, зеро у ердаги ислом издошларининг сони 3 миллион кишини ташкил қилишини таъкидлашди. Шу билан бирга, туристик оқимни ошириш йўлида авиақатновларни ташкиллаштириш таклиф этилди. Яна бир муҳим йўналиш сифатида туристик хизматлар сифатини ошириш ва кадрлар малакасини оширишга доир дастурлар таклиф қилинди.

Учрашув якунига кўра, томонлар ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги ҳамда бундан кейинги ҳамкорлик режаларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2501 times

Янгиликлар

Top