Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг махсус маърузачисини қабул қилди

25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянни қабул қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал Ҳусайн ва БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.

Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1726 times

Янгиликлар

Top