Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида қатнашмоқда

7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги семинари бошланди. Тадбир аввалида Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ қори Абдураззақов Қуръони карим оятларини тиловат қилди ва хайрли дуолар ўқилди.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Диний идора раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов ва Котибият мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов иштирок этмоқда.
Ушбу халқаро семинар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Семинарда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади. Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 га яқин давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман тафсилотларини сайтимизда ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2210 times

Янгиликлар

Top