Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази очилиши мумкин

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзия Бош вазирининг махсус вакили, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Марзуки Яхья ва Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

ЎзА хабарига кўра, меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, марказ фаолияти билан танишган.

Марказ раҳбар ва ходимлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур муассасанинг мақсад ва вазифалари, бу ерда заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Марказ иш бошлаганидан буён ўтган қисқа вақт ичида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари натижалари, дунёдаги Ислом таълимоти бўйича нуфузли университет ва таълим даргоҳлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари тўғрисида сўз юритилди.

– Ўзбекистонга ташрифимиз унутилмас таассуротларга бой ўтмоқда, – деди Марзуки Яхья. – Бу ердаги ўзгаришлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратландим. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири билан суҳбатлашиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хусусида маълумотлар олдик. Бугунги кунда Малайзиядаги ислом тадқиқот марказлари ва университетлари мазкур марказ билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ана шу ҳамкорлик натижасида биз ҳам юртимизда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини очишни режалаштираяпмиз. Яқинда малайзиялик бир гуруҳ исломшунос олимларнинг Самарқандга саёҳатини ташкил қиламиз. Улар ҳам мазкур марказ ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишади. Бу илмий ҳамкорлик алоқаларимизнинг янада кенгайиши, биргаликда кўплаб тадқиқот ишларини амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1875 times

Янгиликлар

Top