Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар ўнталигига кирди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Шерзод Султоновнинг маълум қилишича, “Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Унга кўра, мусулмон аёллар саёҳати жаҳон туризм бозорида энг тезкор ривожланаётган сегментлардан ҳисобланади.

Мусулмон ўлкалардаги хотин-қизларнинг даромадлари ошиб бораётгани ва уларнинг таълим даражаси юқорилаётганлиги саёҳатга бўлган қизиқишини оширмоқда.

Экспертларга кўра, хавфсизлик ва диний ибодатлар, жумладан, исломий либосларга бўлган бағрикенглик мусулмон аёл сайёҳлар учун энг муҳим аҳамиятга эга икки ўлчов ҳисобланади.

ЎзА нашрининг хабар беришича, 2019 йилнинг 17 октябрь куни Сингапурда ўтказилган “Halal in Travel Asia” саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни эгаллаган мамлакатлар ўнталигидан жой олган.

Қатар, Уммон, Бруней, Туркия, БАА, Кувайт ва Малдив давлатлари навбат билан рўйхатнинг юқори ўринларини забт этган. Ўзбекистон ушбу рўйхатнинг саккизинчи ўрнидан жой олган бўлса, Индонезия ва Малайзия ундан кейинги ўринларда келган.

“Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи мусулмон аёллар саёҳатига оид жаҳон миқёсидаги илк тадқиқот бўлиб, унда асосан Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан 3300 нафар мусулмон аёл иштирок этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1779 times

Янгиликлар

Top