Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳнинг Ўзбекистон бўйлаб зиёратлари бошланди

Маълумки куни кеча юртимизга ҳадис устози, аллома, муҳаддис, танқидчи шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ал-Аъзомий ал-Ҳиндий бошчилигидаги меҳмонлар Ўзбекистон бўйлаб зиёратларини бошладилар.

Бугун 2019 йил 9 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган «Hilol nashr» нашриёт-матбаасига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди бош имом-хатиби, «Hilol-nashr» матбаа нашриёти ва «islom.uz» портали раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ кутиб олди. Ташриф давомида шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий бошчилигидаги меҳмонлар нашриёт босмахонаси, ижодий жамоаси ҳамда савдо дўкони билан яқиндан танишдилар.

Сўнгра «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасига ташриф буюрдилар. Меҳмонлар муҳташам қуриб битказилган масжидга кирдилар, сўнгра мажмуа кутубхонасига ташриф қилишди. У ердан чиқиб мажмуанинг анжуманлар залини илиқ таассуротлар билан сайр қилдилар.

Мажмуа ташрифидан кейин шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий бошчилигидаги меҳмонлар Тошкентдаги Қорасарой кўчасининг Ҳасти Имом (Ҳазрати Имом) мажмуасига боришди ва у ердаги музей-кутубхонада сақланаётган Усмон Мусҳафини кўздан кечирдилар.

Кейин Абу Бакр Қаффоли Шоший роҳимаҳуллоҳнинг қабрлари зиёрат қилинди.

Сўнгра Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ташриф буюришди. Ташриф асносида олийгоҳда таҳсил олаётган талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув жараёнида муҳаддис, танқидчи шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ҳадис илмидан мавъизалар қилдилар. Тадбирда меҳмонлар томонидан институт кутубхонасига ҳадис китоблари совға тариқасида топширилди. Учрашув якунида юртимизнинг азиз меҳмонлари ва талабалар дуои хайрлар қилишди.

 

Islom.uz портали таҳририяти

Манба: https://islom.uz

Read 2003 times

Янгиликлар

Top