Ўзбекистон янгиликлари

14 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида отинойилар учун чоп этилган қўлланмалар тақдимоти бўлиб ўтди. Табдир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, масъул ходим Марям Абдуллаева ва Дин ишлари бўйича қўмита Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мудираси Фарида Абдураҳимова ҳамда “Хадичаи Кубро” билим юрти мударрисаси Одинахон Муҳаммад Юсуф ўз маърузалари билан иштирок этди.
Ушбу қўлланмалар “Қуръон сабоқлари”, “Ҳадис”, “Ақийда”, “Фиқҳ”, “Сийрат”, “Жаноза” китобларидан иборат. Тадбирда отинойилар учун тақдим этилаётган 6 та қўлланманинг ҳар бири ҳақида муаллифларнинг фикрлари тингланди.
“Қуръон сабоқлари” китоби бўйича Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Гулобод Қурбонова, “Ҳадис” китоби ҳақида “Ҳилол-нашр” нашриёти муҳаррири Барно Саидраҳмон, “Ақийда” китоби бўйича Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси Одина Саидаҳмедова, “Фиқҳ” китобининг мазмун-моҳияти ҳакида Хадичаи Кубро таълим муассасаси ўқитувчиси Пошшахон Эшонхон қизи, “Сийрат”– китоби ҳақида Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудираси Нозима Ибрагимова, “Жаноза” китоби ҳақида устоз Роҳила Хайруллаева сўзлаб бердилар.
Халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳамда сийрат, фиқҳ, ақоид масалалари, жаноза одоблари борасидаги ушбу китоблар отинойиларимиз учун энг керакли қўлланма бўлиб хизмат қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2376 times

Янгиликлар

Top