Ўзбекистон янгиликлари

“Қассоблик”дан “Мири калон”гача

Бухоро вилоятининг Вобкент туманида “Қассоблик” номли бир масжид бор. Кўпчилик масжид номини эшитиши биланоқ нима учун бундай аталади, деб сўрайди.

“Масжид 1993 йилда шу ҳудуддаги қассобчилик билан шуғулланувчи кишилар томонидан қурилган бўлиб, номи ҳам шундан”, дейди Вобкент тумани бош имом-хатиби Ғолибжон Очилов.

 

 

Ибодатгоҳ XII асрда Қорахоний ҳукмдорлари томонидан қурдирилган Вобкент минораси тарихий обидаси йўлида жойлашгани учун бу жойдан ўтган кўпчиликка маълум. Пастқамгина хонақоҳ “тўрт” намозхон кирса торлик қилар эди. Ёзда иссиқ, қишда зах олар эди. Шу йили Дўстлик маҳалласи аҳли, саҳоватли кишилар ҳашар йўли билан масжидни қайтадан кенгайтириб қуриш ташаббусини илгари сурдилар. Рухсат олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, масжидда қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

 

 

Ҳозирда халқ ҳашари билан қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳамма ҳаракатда: кимдир цемент, кимдир шағал, кимдир ғишт келтириб Аллоҳнинг уйини бунёд этиш учун ихлос ила хизмат қилаётирлар. Уларнинг кўрсатган ҳимматлари, зарра мисқолчалик хизматлари учун ҳадиси шарифларда ваъда қилинган улуғ ажрлар, жаннат мукофотлари насиб бўлсин иншааллоҳ!

 

 

Лойиҳага кўра, янги бино 1200 намозхонни ўз бағрига сиғдиради. Бу қишлоқ аҳолиси учун катта эмас. Бунга зарурат бор эди. Сабаби намозхонлар сони анча кўпайган, қолаверса, масжид бир-бирига узвий йўллар билан обод этилаётган етти пир зиёратининг Бобои Самосий ҳазратлари зиёрагоҳига ўтиш йўлида жойлашган. Йўловчилар ибодатларини адо этиб олишлари учун ҳам қулай бўлиши, аёллар учун намозхона ва таҳоратхоналар ҳам ўрин олиши кўзда тутилган.

 

 

Масжид 2020 йилнинг учинчи чорагига тўлиқ битказилиши режалаштирилган. Жамоат ва маҳалла аҳли келишиб янги масжид номини ўтмишда вобкентда ўтган авлиё зотлардан бири “Мири Калон” номларига ўзгартиришни ният қилганлар.

 

 

Аллоҳ таоло байтининг ободлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ҳаракатга Ўзи баракотлар ато этсин, масжид тез орада қад кўтариб, халқнинг қувончига, иймон ва маърифатининг юксалишига сабаб бўлсин!  

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2435 times

Янгиликлар

Top