Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистондаги «Нур-Муборак» Миср ислом маданияти университети вакиллари Олий мадрасада

2019 йил 29 ноябрь куни Мир Араб олий мадрасасига Қозоғистондаги «Нур-Муборак» Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий ҳамда таълим бўлими бошлиғи Жалғас Сандыбаев ташриф буюрди.

Меҳмонлар Олий мадраса талабалари билан учрашдилар.

Муҳаммад аш-Шаххат ал-Жиндий “Фойда берувчи илм“ мавзусида Олий мадраса талаба ва мударрисларига маъруза қилди.

 

 

“Илм гўзал хулқ ва тарбия билан ҳамда ўрганган илмига энг аввало ўзи амал қилиши билангина манфаат беради. Аллоҳ таоло ота-она ҳаққига қандай дуо қилишни Ўзининг каломида таълим бериб:

 وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا

“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт“, деган. (“Исро“ сураси 24-оят)

Ота-она ўз фарзандига таом, кийим-кечак ва ҳатто уй-жой ҳам тайёрлаб берадилар. Лекин, Аллоҳ таоло ота-она фарзанди учун қилган барча хизматларининг ичидан чиройли тарбиянигина хос зикр қилиши, ота-онанинг фарзанди учун қиладиган энг афзал амали гўзал тарбия эканига ишора қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бор сармоялари гўзал хулқ эди.

Илм олишни ва ўрганган илми, энг аввало, ўзига, қолаверса, барчага манфаатли бўлишини истаган кишида қуйидаги уч нарса жам бўлиши лозим:

- мақсадни аниқ белгилаб олиш;

- мақсадга олиб борувчи энг тўғри ва мустаҳкам йўлни, воситани танлаш;

- шуларга мувофиқ амал қилиш;”

Шунингдек, Мир Араб олий мадрасасида таълим олаётган талабаларнинг қандай масъулият эгаси эканликларини ажойиб бир қоида асосида изоҳлаб берди:

كل حق يقابله الواجب

“Ҳар бир ҳақнинг муқобилида бир мажбурият бўлади“. Яъни, ҳозир сизларга ота-онангиз ва устозларингиз таълим-тарбия бериш билан сизларнинг ҳақларингизни адо этмоқдаларми, демак, бунинг муқобилида кейинги авлодга илм ва маърифат улашиш ҳамда уларга ҳақни танитиш сизларнинг зиммангизга вожиб бўлади. Зеро инсонларнинг энг яхшиси уларга энг кўп манфаати етадиганидир. Бир авлод қўлдан бой берилса, миллат таназзулга юз тутиши ва ўнгланмаслиги маълум.”

 

 

Тадбир сўнгида Мир Араб олий мадрасаси ректори Хайдархон Йўлдошхўжаев меҳмонларга миннатдорчилик билдирди. Меҳмонлар ўзларига кўрсатилган эҳтиром ва талабалардаги илмга бўлган рағбатдан мамнун бўлганларини изҳор қилишди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шу билан бирга, меҳмонлар  томонидан  таълим муассасалари ўртасида мана шундай  ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, меҳмонларга эсдалик совғалар топширилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги ҳақида дуойи хайрлар қилинди.

 

Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати

 

Read 2311 times

Янгиликлар

Top