Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Нукус шаҳридаги мадрасага ташриф буюрдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Қорақалпоғистонга сафарлари мобайнида Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, аввал билим юрти фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Аввал ушбу билим юртининг бош биносига бўйма-бўй янгидан қад ростлаган янги иншоот кўздан кечирилди. Янги иморатда ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, билим юрти ўқитувчилари ва талабалари билан дилдан суҳбат қилиниб, муфтий ҳазратлари билим юртида таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар.
Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан билим юртининг тўрт нафар талабасига ўқув шартнома пуллари тўлаб берилиши эълон қилинди.
Муфтий ҳазратлари шундай кенг имкониятларга эга бўлган ва барча қулайликлар яратилган мазкур мадраса фаолияти билан танишар эканлар, аввало бу неъматларга шукрона қилиш кераклигини таъкидладилар. Келажакда ушбу маскандан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига катта манфаат келтирадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Ташриф давомида ушбу мадрасага Тошкент шаҳридаги диний таълим муассасаларидан бориб, билим ва кўникмаларини ўртоқлашаётган устоз-мураббийлар билан ҳам суҳбат қурилди.
Шу билан Қорақалпоғистон сафари якунига етди, эртага Хоразм вилояти сафари бошланади.

 

Адил ЕРЕЖЕПОВ
Маънавият ва маърифат ишлари
бўйича мудир ўринбосари

Read 2058 times

Янгиликлар

Top