Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Хоразм вилояти имомлари билан учрашдилар

Бугун, 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Хоразм вилояти бўйлаб сафарлари бошланди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан сўнгги йилларда Хоразм вилоятида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилди. Айниқса, Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжиди янгича, замонавий кўринишда қад ростлади. Икки йил аввалги давлатимиз Раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифлари давомида “Охун бобо” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар берган эдилар. Орадан маълум вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт-шароитлар муҳайё қилинди ва “Охун бобо” масжиди Урганч шаҳрининг файзли масканига айланди.
Куннинг биринчи ярмида имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилиш якунида "Вақф" хайрия жамғармаси томонидан имом-хатибларга Қуръони карим тарқатилди. 
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2642 times

Янгиликлар

Top