Ўзбекистон янгиликлари

Конфессиялар ишлари кенгашида Ўзбекистондаги диний бағрикенглик тамойилларининг ёрқин ифодаси эътироф этилди

Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари томонидан барча соҳа ва йўналишлар қатори юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний нормаларга мос равишда фаолият юритаётганидан далолатдир.

Қолаверса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус асосида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция ҳам таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси ўлароқ, жорий йил 5 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги конфессиялар ишлари кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирни Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Конфессиялар ишлари кенгаши раҳбари А.Ахмедов олиб борди. Мазкур йиғилишда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллиги байрами арафасида ўтказилгани диний бағрикенглик, тотувлик ва аҳиллик, ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш борасидаги ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлашга ҳам асос бўлиб хизмат қилди.

– Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан барчамиз мамнунмиз. Сўнгги йилларда мамлакатда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли байрам ва тантаналарда бир-биримизни қутлашга борамиз, бу яхши анъанага айланди. Бугун Дин ишлари бўйича қўмитада бўлиб ўтган тадбирда ҳам бизга ўзгача эҳтиром кўрсатилди, тақдирлаш маросими ўтказилди, бундан жуда бахтиёрмиз – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий.

Тадбирда иштирок этган яҳудий диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, жумладан, шундай деди: “Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда 16 хил турли диний конфессия вакиллари эмин-эркин ўз ибодатлари, диний расм-русумларини бажариб келмоқда. Бу эса, албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган эзгу ишларнинг самарасидир”.

– Мен 14 йилдан буён Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаман. Очиғи, сўнгги йилларда бизга бўлган эътибор яна ҳам кучайди. Давлат Раҳбари томонидан диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида мақтанса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Биз – барча конфессиялар вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Бу йўлда ҳаммамиз бир тану, бир жон бўлиб фаолият юритамиз, – дейди Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан барча конфессиялар вакилларига эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Read 2107 times

Янгиликлар

Top