Ўзбекистон янгиликлари

Шу кунларда Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида қурбон бўлган юртдошларимизнинг аянчли тақдири кенг жамоатчиликни қайғуга солиб турибди. Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган 5 кишидан 4 нафари Қашқадарё вилоятидан. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириш мақсадида Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Усмонов бошчилигида имом-хатиблар уларнинг хонадонларига ташриф буюришди.
Имом домлалар дафн маросимларига қатнашиб, уни ўтказилишида бош-қош бўлишди.
Мазкур жаноза тадбирларида марҳумнинг яқинлари ҳамда йиғилганларга инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмаслиги, муқаддас динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланганлиги етказилиб, ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиниб, мағфират сўралди ва яқинларига тасалли берилиб, уларга ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган моддий ва маънавий кўмакларнинг аҳамияти ҳақида гапирилди.
Аллоҳ таолодан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз!

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ахборот хизмати

Read 1847 times

Янгиликлар

Top