Ўзбекистон янгиликлари

Ғариблар кўнглини шод этмак улуғ савоб

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Жиззах вилоятига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни дастурхон устида жам қилиб, ширин сўзлари ила уларнинг ўксик қалбларига хурсандчилик киритдилар.
Мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш ила миннатдорлик изҳор қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари бошчилигида уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари ҳудуддаги “Меҳрибонлик” уйига ташриф буюрилиб, илиқ сўзлар ва ажойиб совғалар орқали болажонларнинг қалбларига шодлик улашилди. Уларга иссиқ кийим-кечаклар тақдим этилди.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади. Муфтий ҳазратлари мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этдилар. Ушбу тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди. Ҳадиси шарифда: “Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир”, деб марҳамат қилинган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим бўлади.
Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Ҳа, мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.
Шу билан Жиззах вилояти сафари ўз ниҳоясига етди, эртадан Сирдарё вилояти сафари бошланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2505 times

Янгиликлар

Top