Ўзбекистон янгиликлари

Фарзлардан кейинги энг савобли амал хурсандчилик улашишдир

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилоятига сафарлари мобайнида Янгиер шаҳрида жойлашган “Мурувват” уйида бўлдилар. Улар томонидан 5 нафар ногиронлиги бор фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган ногиронлик аравачалари топширилди. Шунингдек мазкур “Мурувват” уйида хизмат қилаётган 110 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларига совға-саломлар улашилди.
Шундан сўнг Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди.
Мазкур тадбирлар орқали қалби ўксик юртдошларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деб марҳамат қилганлар.
Ушбу хайрия тадбирлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимиз кўрсатилган бундай эҳтиром ва эътибордан миннатдор бўлиб, эзгу тилаклар, дуои-хайрлар қилдилар.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 1965 times

Янгиликлар

Top