Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда «Hilol-nashr»да Мусҳафи шарифнинг янги нашрини чоп этиш бошланди

Бугун 27 декабрь куни «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси жамоаси ва юртимиз мусулмонлари учун яна бир хурсандчилик куни бўлди. Гап шундаки, бугун нашриётимизда Қуръони карим – Мусҳафи шарифнинг янги нашрини чоп этиш ишлари бошланди.

Ушбу нашр Исмоил Муҳаммад Содиқ раҳбарлигидаги «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ва Мозин Абдулқодир Арнаут раҳбарлигидаги «Салсабил» нашриёти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, ушбу нашриётнинг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланди. Янги нашр муқаддимасида жумладан шундай дейилади:

Бу — Мадина мусҳафининг нусхаси асосида, расми Усмонийда, Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига кўра, хаттот шайх Усмон Тоҳонинг хатида тайёрланди.

Қуръони Каримнинг ушбу нусхасини кўрикдан ўтказиш, завобитларини қўйиш ва тадқиқ этиш ишлари Сурия Араб Республикаси «Мусҳаф битиш илмий ҳайъати»нинг собиқ раҳбари, шайх, ҳофиз Яҳё Муҳаммад Носиҳ бошчилигидаги мутахассислар тарафидан амалга оширилди.

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзининг аҳли ва хос бандалари бўлмиш аҳли Қуръонлардан қилишини сўраймиз.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ичида Аллоҳнинг аҳли бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?» дейишди. У зот: «Улар аҳли Қуръонлар – Аллоҳнинг аҳллари ва хос бандаларидир», дедилар».

Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.

 

Islom.uz портали таҳририяти

Read 2116 times

Янгиликлар

Top