Ўзбекистон янгиликлари

Спортчиларимизга муваффақият тиланди

 Ҳар бир хайрли ишни бошлашдан олдин ота-она, устоз ва уламоларнинг дуоларини олиш халқимизга хос одат саналади.

Яқинда пойтахтимиздаги “Сузук ота” мажмуасида бўлиб ўтган тадбир ана шу мақсадда ташкил этилди. Яъни футбол бўйича Осиё чемпионати мусобақаларига қатнашиш учун Тайланд давлатига йўл олган 23 ёшгача бўлган бир гуруҳ футболчиларимиз уламоларимиз дуоларини олишди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров ва шаҳримиз имом хатиблари иштирок этдилар.

Шу ўринда айтиш жоизки, юртимиз ёшлари ушбу мусобақада ғолиб бўлишса, 2020 йил ёз ойида Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киришади. Бу эса Ўзбекистон тарихида футбол бўйича илк бор Олимпиа мусобақаларида қатнашиш имкониятини беради, иншоаллоҳ.

 Муқаддас динимиз инсонларни жисми баркамол ва соғлом бўлиши учун ҳаракат қилишга тарғиб қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳозирда “спорт” деб аталадиган жисмоний тарбияда ҳам умматларга юксак намуна бўлганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: “Ҳалиги билан биру бир», – дедилар” (Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва бошқа кўпгина Аббоснинг авлодларини саф қилиб мусобақалаштирар, “Ким менга биринчи етиб келса, унга фалонـфалон нарса”, – дер эдилар. Улар ўзишиб келиб У кишининг орқаларига, кўксиларига урилишар эди. У зот уларни ўпиб, ажратиб қўяр эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Асҳоби киромлар ораларида жисмоний машғулот билан шуғулланиш, мусобақалар ўтказиш одатий ҳол эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам югуриш, кураш, сузиш, улов чопиш каби машғулотларга, айниқса, кўп эътибор берар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг жисмоний тарбиясига ана шундай эътиборли бўлганлар. Зеро, келажак авлод соғлом ва кучли бўлиши учун жисмоний тарбия зарур.

   Бугунги кунда юртимизда спортга бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бормоқда. Ёшлар учун спорт майдонлари, турли спорт тўгараклари очилмоқда. Ҳар йили спортчиларимиз дунё олимпияда ўйинларида қатнашиб юксак мукофотларни қўлга киритиб келмоқдалар. Мамлакатимиз юртимиз байроғини юқорига кўтараётган спортчиларимизни қўллаб-қувватламоқда.

Яратган Роббимиздан хайрли сафарга йўл олаётган спортчиларимизнинг юксак марраларга эришишини сўраб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги терма жамоамизга омад ва ғалабалар тилаб қоламиз.

Саҳобиддин САТИМОВ,

Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари

 

Read 2298 times

Янгиликлар

Top