Ўзбекистон янгиликлари

Шовот туманидаги масжид қишлоқ марказига кўчирилиб, янгидан қурилмоқда

Хоразм вилояти Шовот туманидаги «Қори эшон бобо» жоме масжиди вилоятнинг чекка ҳудудидаги масжидлардан бири ҳисобланади. Чегара ҳудудда жойлашган ушбу ибодатгоҳ 1975 йилдан фаолият юритиб келади. Ўша вақтларда қишлоқ аҳли қабристон ёнида лой сувоқдан кичик хонадон шаклида масжид қуриб, ибодат қилиб келишган, жаноза намозлари адо этилган. 

2018 йилда Оқ кўл қишлоғи аҳолисининг талаб ва истакларига биноан масжид қишлоқ марказига кўчирилиб, янгидан бино қилинмоқда.

Ўтган вақт мобайнида бу жойда Аллоҳнинг байтини обод этишга ихлоси, ҳиммати баланд кишиларнинг меҳнати билан 400 кишилик кенг сиғимга эга мўъжаз хонақоҳ қад кўтарди.

 Ҳозирда бинонинг ички пардоз қисми ва иссиқ пол тизимини ўрнатиш ишлари қолган. Шунингдек, таҳоратхона қурилиши ҳам жорий йилга режалаштирилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг байтини обод қилувчиларни қуйидагича таъриф этади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят). 

 Олис, чекка ҳудудларда ҳам масжидлар ободлиги сари ҳисса қўшаётган, қишин-ёзин меҳнат қилаётган саодатманд кишиларимизга янада куч ғайрат, олиб бораётган ишларига файзу баракотлар тилаб қоламиз.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2505 times

Янгиликлар

Top