Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар ёнғиндан жабр чекканларга ёрдам кўрсатди

18 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ уламолари ёнғиндан жабр кўрган Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги хонадонлар аҳлларидан хабар олдилар. Бир неча кун аввал Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Гавҳар” ва “Катта Дўмбробод” маҳаллаларида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлиб, хонадон аҳлларига қишнинг совуқ кунларида Аллоҳнинг катта синови келган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг тавсияларига мувофиқ, Диний идора масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ёнғиндан азият чекканларга тасалли бериб, кўнгилларини кўтарадиган гапларни айтиб, бундай талофатда қилган сабрлари ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб бердилар.
Шунингдек, ёнғиндан жабр чеккан хонадон аҳлларига пул маблағлари топширилди ва ушбу хонадонлар қуриб битказулгунга қадар имом-домлалар доимий камарбаста бўлишлари изҳор қилинди.
Дарҳақиқат, ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Зотан, бу ҳаётнинг ўзи имтиҳон дунёсидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар қилинади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар(ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара, 155).
Мусибатлар сабаб қилиниб банданинг имони синалади. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Банда гоҳида яхшилик билан, баъзида қийинчилик билан синалади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Уламоларнинг кўнгил сўраб келганидан севинган маҳалла аҳли ва хонадон эгалари шундай оғир дамларда ташриф буюрганлари ва кўнгилларини кўтарганлари учун миннатдорлик билдирдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1889 times

Янгиликлар

Top