Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаж ва умра вазири билан учрашув

20 январь куни “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазири доктор Муҳаммад Солиҳ Бантин билан мулоқот ўтказдилар.
Учрашувда Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифати йилдан-йилга яхшиланаётганини алоҳида таъкидланди. Ушбу ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этишда яқиндан ёрдам бераётган Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигига алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Ўз навбатида, муҳтарам Президентимиз томонларидан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Айниқса, давлатимиз Раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш савиясини ошириш баробарида сарф-харажатларни камайтириш ҳамда умра сафарига борувчи зиёратчилар сони бўйича чекловлар олиб ташлангани алоҳида қайд этилди.
Муҳаммад Солиҳ Бантин жаноблари ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб-интизомда намуна экани, ўтган йиллар давомида ҳаж амалларини муваффақиятли адо этиб келаётгани ва бирор марта ҳам қонун-қоида бузилишлари содир этилмаганини маълум қилди.


“Ҳаж – 2020” мавсуми юзасидан имзоланиши лозим бўлган шартнома шартлари ўзаро муҳокама қилинди.
Шунингдек, мутасадди ташкилотлар билан ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалалари келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1951 times

Янгиликлар

Top