Ўзбекистон янгиликлари

“Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum” (UAALF-2020) биринчи халқаро авиация форуми бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» (UAALF-2020) биринчи халқаро авиация форуми иш бошлади. Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Биринчи халқаро авиация форуми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти томонидан Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “Hidaya Global Groups” компанияси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Таъкидлаш керакки, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш доирасида сўнгги уч йилда республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 15 тадан 23 тага етди.

Ўтган давр мобайнида “ИрАэро”, “FlyDubai” “Zagros Airlines” каби авиакомпанияларининг мамлакатга янги йўналишларда доимий қатновлари йўлга қўйилди, “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.” ва “Atlasglobal” авиакомпанияларининг чартер рейслари очилди.

19-20 февраль кунлари ўтказиладиган икки кунлик тадбирга дунёнинг 130га яқин халқаро ташкилоти жалб қилинган, хусусан, Boing ва Jetcraft (АҚШ), Air Charter Service (Буюк Британия), Bombardier Business jets (Канада), TLD (Ҳиндистон), Luftansa Consulting (Германия), EGIS (Франция), ATR (Испания), Kuwait Airways (Кувайт), Air Arabia ва BGT Events (БАА), Gulf Air (Баҳрайн), Korean Air ва Asiana Airlines (Жанубий Корея), Azerbaijan Airlines (Озарбойжон), Aeroflot ва IrAero (Россия), Al Masriya (Миср), Zagros Airlines (Эрон), Pegasus Airlines ва Turkish Airlines (Туркия), Mitsubishi Corporation, Air Astana (Қозоғистон) ва бошқалар шулар жумласидан.

Унда қатнашаётган Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, тез орада Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “Hidaya Global Groups” компанияси ҳамкорлигида Hidaya Airlines номли янги авиакомпания фаолияти йўлга қўйилади.

Бу авиакомпания Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида “Умра плюс“ дастури бўйича Индонезия, Малайзия каби давлатлардан умра сафарига борувчиларнинг Ўзбекистон орқали парвоз қилишларини ташкиллаштиради.

Бу борада Президент томонидан авиациядаги барча бўшлиқларни бартараф этиш, очиқ осмон режимини жорий этиш, аэропортларни, ерусти ускуналарни ва навигация тизимини замонавий талабларга мувофиқ равишда реконструкция қилиш, бу масалада бизга ёрдам бера оладиган хорижий авиакомпаниялар ҳамда шерикларни жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

 

 

Read 1752 times

Янгиликлар

Top